НАВОИЙ ДАВЛАТ КОНЧИЛИК ИНСТИТУТИ НУКУС ФИЛИАЛИ ДИРЕКТОРИНИНГ АБИТУРИЕНТЛАРГА МУРОЖААТИ

Ҳурматли АБИТУРИЕНТЛАР ВА ОТА-ОНАЛАР!

Аввало, Сизга мамлакатимиз олий таълим муассасалари орасидан бизнинг НАВОИЙ ДАВЛАТ КОНЧИЛИК ИНСТИТУТИ НУКУС ФИЛИАЛИН танлаганингиз учун ўз миннатдорчилигимни билдирамиз!

Бизнинг жамоа ўз олдига замонавий билимларни эгаллаб, соҳанинг етук мутахассиси бўлишни ҳамда жонажон Ватанимиз равнақига ҳисса қўшишни ният қилган интилувчан ёшларга ўз мақсадларига етишишида уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва бор имкониятларини сафарбар этади.

2020-2021 ўқув йилида НАВОИЙ ДАВЛАТ КОНЧИЛИК ИНСТИТУТИ НУКУС ФИЛИАЛИ кундузги таълим шакли бўйича 4та бакалавриат таълим йўналишларида 100 нафар талабани  қабул қилади.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ёшларнинг олий таълим олишлари учун яратилаётган шароитлар йилдан-йилга кенгайиб, инсон капиталига давлат томонидан жуда катта инвестиция киритилмоқда. Бундай ғамхўрлик натижасида талабаликка қабул қлинган ёшлар сони охирги уч йилда уч баробарга ортди. Жорий йилда абитуриентларнинг ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш тўлиқ масофадан амалга оширилди. Бизнинг  НАВОИЙ ДАВЛАТ КОНЧИЛИК ИНСТИТУТИ НУКУС ФИЛИАЛИга кириш учун 577 нафар абитуриент ҳужжатларини  рўйхатдан ўтказдилар.

Бугунги кунда бутун жаҳонда кечаётган пандемия сабабли мамлакатимиз олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари муддатлари кечиктирилди. Бу аввало, Сиз ¬- ёшларнинг саломатлигингизни ўйлаб, ўз билимингизни намоён қилиш учун қулай ва хавфсиз шарт-шароит яратиш мақсадида қилинди.

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан кириш имтиҳонлари шаҳарлар ва вилоятлардаги марказий стадионларда, яъни очиқ майдонларда карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда 2020 йил сентябрь ойининг 2-санасидан бошлаб ўтказилиши режалаштирилди.

Сиз паспортингиз ва ДТМ рухсатномангиз билан рухсатномада кўрсатилган манзилга белгиланган вақтда етиб келишингиз зарур. Эслатиб ўтамиз, ДТМ рухсатномаларини жорий йилнинг 22 августидан бошлаб ДТМ сайти (www.dtm.uz)даги шахсий кабинетингиз орқали олишингиз мумкин!

Муҳтарам Абитуриент!

Имтиҳон куни белгиланган манзилга карантин қоидаларига риоя қилиб, хавфсизлигингизни таъминлаб, яхши кайфиятда ва ўз вақтида етиб келишингизни сўраймиз.

Азиз ота-оналар ва яқинларингиздан имтиҳон кунлари уйда қолиб, имтиҳон жараёнларини онлайн кузатиб боришларини сўраймиз.

Ўзингизни қизиқтирган барча саволларга жавобларни www.ndkinf.uz  сайти, https://t.me/ndkinfjanaliqlari телеграмм каналидан олишингиз, шунингдек ndkinf@edu.uz электрон адресига ёки 0(361) 224-04-43 рақамли телефонга мурожаат этишингиз мумкин.