ҚАРОР ИЖРОСИ ТАЪМИНЛАНМОҚДА

Мамлакатимизда кимё ва биология фанларини ривожлантириш, ушбу йўналишларда таълим сифати ва илм-фан натижадорлигини ошириш «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиёт йили» Давлат дастурининг устувор вазифалари қаторида белгиланган.

Зеро, ўғил-қизларимизни кимё ва биология фанлари бўйича чуқур ўқитиш ҳудудларда янги-янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган фармацевтика, нефть, газ, кимё, тоғ-кон, озиқ-овқат саноати тармоқларини жадал ривожлантиришга туртки беради ҳамда пировардида халқимиз турмуш шароити ва даромадларини оширишга пухта замин ҳозирлайди.

Шу билан бирга, умумтаълим мактабларидаги кимё ва биология фанларини ўқитиш сифати бугунги давр талабларига жавоб бермаслигини, ўқитиш методологияси ва лабораториялар маънан эскирганлигини, ўқитувчиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш механизмлари жорий қилинмаганлигини алоҳида қайд этиш зарур.

Мазкур ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 августдаги «Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, мазкур қарор билан Навоий давлат кончилик институти Нукус филиалига бириктирилган Қўнғирот туманидаги 36-сонли умумтаълим мактабида жорий йилнинг 8 февраль куни тадбир ташкиллаштирилди.

Тадбирни мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари М.Мадеминова олиб борди.

Унда филиал директори Ф.Худойбердиев ва филиалнинг раҳбар-ходимлари иштирок этди. Шунингдек, Навоий давлат кончилик институти Нукус филиали ўқитувчиси Р.Бектуров кимё фани бўйича «Маҳорат дарс»ини ўтказди.