“ЁШЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ВА АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЙИЛИ”ДА АМАЛГА ОШИРИШГА ОИД ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТАСДИҚЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди.
Дастурга кўра, ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож талабаларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш мақсадида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:
– олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий этилади;
– олий таълим муассасасида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредити бериш ва талаба томонидан ушбу кредитни ўқиш даври тугагандан сўнг қайтариш амалиёти йўлга қўйилади;
– олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони 25 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони 2 бараварга оширилади;
– хусусий олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти бериш тизими жорий этилади;
– академик таътил олишни истаган талабалар ўз ихтиёрига кўра академик таътил муддатига таълимнинг сиртқи ва масофавий шаклига ўтказилиб (агар олий таълим муассасасида бундай таълимнинг шакллари мавжуд бўлса), уларга узлуксиз мустақил таълим олиш имконияти яратилади;
– илмий унвон ва илмий даражаларни бериш ваколати 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг нуфузли олий таълим муассасаларининг илмий кенгашларига босқичма-босқич ўтказилади.