АЗИЗ ОНАХОНЛАР, ҚАДРЛИ ОПА-СИНГИЛЛАР, МУҲТАРАМА АЁЛЛАР!

Барчамиз орзиқиб кутадиган, табиат чирой очиб бораётган мана шу илк баҳор кунларида, айни шу шукуҳли айёмда сизларнинг тимсолингизда бутун хотин-қизларни 8-март байрами билан самимий муборакбод этаман.

Бу ҳақда гапирганда, аввало, буюк Алишер Навоий бобомизнинг “Жаннат оналарнинг оёғи остидадир” деган мазмундаги ҳикматли сўзларини яна бир бор эслаймиз ва меҳрибон, муқаддас Она сиймоси олдида барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз.

Шу нуқтаи назардан қараганда, аёлларни улуғлаб, ардоқлаб, бошига кўтариб яшайдиган халқ ўзининг юксак маданияти ва олижаноб қадриятларини амалда намоён қиладиган халқ сифатида жаҳонда обрў-эътибор қозонади.

Шу маънода, аёл – гўзал бўлса, олам – гўзал, аёл бахтли бўлса – оила, бутун жамият бахтли бўлади, деган қараш онгу шууримизга чуқур кириб бораётгани ва бизнинг ҳаётий фалсафамизга айланаётганини ҳар томонлама англаб етмоқдамиз.

Барчамизнинг суянчимиз ва таянчимиз бўлган фарзандларимизни, аввало, қизларимизни замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, ривожланган давлатлардаги тенгдошлари билан турли жабҳаларда беллашувга қодир бўлган соғлом ва баркамол авлод этиб тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгини зарарли ғоя ва таъсирлардан ҳимоя қилиш йўлида сиз, жонкуяр опа-сингилларимизнинг фидокорона хизматларингиз учун ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак арзийди, албатта.

Сизларни ўзингиз каби чиройли ва дилбар байрамингиз билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Фарзандларингиз ва яқинларингиз бахтига, элу юртимиз бахтига ҳамиша омон бўлинг!

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз онахонлар, муҳтарама опа-сингиллар!

Ф.Худойбердиев,

Навоий давлат кончилик институти Нукус филиали директори.