ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИ ЮКСАК МАЪНАВИЯТЛИ ЁШЛАР ҚУРАДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йил 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида ўтирар эканман, эсимга буюк қорақалпоқ шоири И.Юсуповнинг қўйидаги тўртлиги келди:

Маънавий дунёси унинг бўлди – «ноль»,

Еб-ичиш ва фойда топиш мақсади,

«Мазаси қанақа бу қушнинг» деб у,

Булбул сайраб турган тамон қаради.

Президентимиз йиғилишда таъкидлаганидек, «Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир». Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт, иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият.

Ҳақиқатдан ҳам, Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш халқимиз, айниқса, ёш авлод қалби ва онгига она юртга муҳаббат, истиқлолга садоқат туйғуларини чуқур сингдириш масаласи бугунги кунда тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шу билан бирга, халқаро майдонда мафкуравий, ғоявий ва информацион курашлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда маънавий-маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, юртдошларимизнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч-осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган тажовузларга қарши изчил кураш олиб боришга барчамиз тенгдек масъул болмоғимиз лозим.

Президентимиз йиғилишда маънавиятнинг асосий мезонларини ҳам келтириб ўтади. – Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган.

Албатта, Президентимизнинг белгилаб берган бу вазифаларнинг барчаси – мамлакатимизда таълим тизимига, айниқса келажак эгалари бўлган талаба-ёшларнинг ҳар тамонлама таълим-тарбия олишига қаратилган юксак эътибор ва кенг имкониятлар самараси ҳисобланади.

Янги Ўзбекистонимизни фақат юксак маънавиятли ёшлар қуради.

Ф.ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Навоий давлат кончилик институти Нукус филиали директори.