Мен китобни нимага ўқийман?

Пешков, агар сен бирданига бой бўлиб кетсанг, бойлигингни нимага ишлатар эдинг?

– Ҳаммасига китоб сотиб олар эдим.  

М.Горький. «Менинг университетларим» қиссасидан.

Гапни бундай бошлашимнинг мақсади: «Китоб –билим булоғи», «Китоб билан дўст бўл» сингари сийқаси чиққан иборалардан қочгим келди. Буни менсиз ҳам ёзадиганлар анчагина. Фикрим гўдакни комил инсон қилиб тарбиялашда китобнинг ўрни бебаҳо эканлигини эслатиш эди.  

Тўғри, ёши улуғ ва ўрта бўғин авлод вакилларининг ўз даврида яратилган асарлардан олган идеаллари бор эди. Масалан, 30 йилларнинг китобхонлари Чапаевга, стахановчиларга, Фарғона каналини қазувчиларига тақлид қилиб яшаган бўлса, 40-50 йилларнинг китобхонлари уруш қаҳрамонлари Матросов, Космодемьянская, Мересьев, «Ёш гвардия»чиларга ўхшаб қаҳрамонлик излар эди. Бундан сўнг янги ерларнинг очилиши, ГРЭС, БАМ, темир йўл қурувчиларнинг мардликлари ҳақидаги ёзилган асарлар китобхонларни эргаштириб кетди.

Китобни инсон нима учун ўқийди? Менимча, ундан руҳий озиқа олиш учун бўлса керак. Инсон ўқиган китобидаги бош қаҳрамонга тақлид қилиши мумкин.

Ҳаётда ҳар бир инсонга ҳаво, сув қандоқ зарур бўлса, китоб ҳам шу даражада зарур. Чунки, халқимизнинг олтин хазинаси, маънавий бойлиги бўлган яхши китоблар ўқувчиларнинг билимини оширишда, онгини юксалтиришда, таниқли меҳнат одамларининг иш тажрибасини ўрганишда ҳар тарафлама ёрдам беради.

Шу боис муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида бу масалага яна бир бор эътибор қаратди.  

Буюк ўзбек ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор ўзининг битта ҳикоялар тўпламига ёзган сўз бошида шундай деган эди:

«…Мен тушимда Чеховни кўрдим. Устоз менга кўзойнагини бериб, ол, ўғлим, шуни тақиб олиб ҳаётга бир назар сол, унинг тафсилотларигача кўриб, ҳаёт деган тушунчанг бутунлай ўзгариб кетади».  

Бугунги чоп этилаётган китобларда ўқувчи учун идеал қаҳрамон йўқ. Давлатимиз раҳбари таъкидганидек, бугунги куннинг ўқувчиларига Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповдек буюк адиблар керак…

Ҳақиқатдан ҳам, ҳаётни тушуниш, ўтмиш хатоларини англаш, инсонийлик фазилатларини шакллантириш, яшаш завқини ҳис этиш, Ватанга муҳаббат туйғуси билан ўзимизни тўлдириш учун биз китоб ўқиймиз, китоб билан ўзимизни тарбиялаймиз.

Руслан Арзиев,

Навоий давлат кончилик институти

Нукус филиали матбуот котиби, журналист


http://uza.uz/posts/236920