«ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ МАДҲИЯСИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУНИНИНГ МАЗМУНИ ВА МОҲИЯТИ ҲАҚИДА

Инсон қалби ажойиб маскан, унга йўл топиш осон эмас, фақат эзгу ниятлар жам бўлган қалбга кириб бориш ҳам чиройли кўринишда амалга ошади. Она, муҳаббат, Ватан каби тушунчалар инсонга хос бўлган энг қадрли ҳис-ҳаяжон билан ҳамроҳ бўлади. Бунда албатта шеърият ва мусиқанинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Тарихдан маълум, ҳар қандай мамлакат унда яшовчи халқнинг ўзлигини, жойлашган маконнинг ўзига хослигини ва инсонларнинг орзу-ниятларини ҳамда Ватанга бўлган туйғуларини ифода қилувчи рамзлардан байроқ, герб ва мадҳияга эга бўлган. Ҳозирги кунда замонлар ўзгарса ҳам одам қалби ўзгармаган ва ундаги туйғуларни ифода қилиш инсон ва жамият ҳаёти учун жуда муҳим омил ҳисобланади. Зеро, инсон қалбидаги Ватанга муҳаббат ҳисси негизида ўз Ватанини мадҳ қилиши натижасида мамлакат ривожи учун хизмат қиладиган янгидан-янги эзгу ниятлар ва ғоялар пайдо бўлишига ҳамда уларни амалга ошириши учун ғайратга тўлишига сабаб бўлади.

«Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Қонуни 1992 йил 10 декабрь куни қабул қилинган. Қонун 13 моддадан иборат бўлиб, унга мувофиқ Давлат мадҳиясининг матни ва мусиқавий таҳрири тасдиқланган. Давлат мадҳиясининг сўзини Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ёзган, мусиқасини Ўзбекистон ССР Халқ артисти, композитор Мутал Бурханов ёзган.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзи, унга зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчи ҳисобланади.

Қонуннинг 3-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида — янги ўқув йили бошланиши ва ўқув йили тугаши маросимлари чоғида ижро этилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси унга нисбатан лозим даражадаги ҳурмат таъминланган ҳолда умуммиллий байрамлар ва тантанали тадбирлар вақтида ижро этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси мадҳиянинг ушбу Қонун билан тасдиқланган матни ва мусиқавий таҳририга айнан мувофиқ ҳолда ижро этилмоғи лозим.

Қонуннинг 7-моддасидаЎзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси кўпчилик ҳузурида ижро этилганда, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ҳозир бўлган кишилар мадҳияни тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб, ҳарбий ёки давлатнинг бошқа хизматидаги махсус кийимдаги шахслар эса қўлини бош кийимига қўйиб тинглаши, агар Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг ижро этилиши Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг кўтарилиши билан биргаликда амалга оширилса, ҳозир бўлган кишилар унга юзи билан бурилиши белгиланган.

Қонуннинг 8-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини таълим муассасаларида ижро этиш — Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор ташкилотлар билан келишиб туриб белгилаб қўядиган қоидалар билан тартибга солиниши белгиланган бўлса, 11-моддада ички ишлар органларида, таълим муассасаларида, спорт мусобақалари вақтида, шунингдек хорижий давлатлар ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг муассасалари ва ташкилотлари тегишли тадбирлар ўтказган вақтда Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ижро этиш қоидалари ушбу Қонун талабларига асосланиб белгиланиши кўрсатилган. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ҳурмат қилиши шарт. Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

З.Аметова,
Навоий давлат кончилик институти Нукус филиалининг юрисконсульти.