ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ УМУМЖАҲОН ДЕКЛАРАЦИЯСИ МАЗМУНИ ВА МОҲИЯТИ ҲАҚИДА

Ҳар қандай замонда ва ҳар қандай жамиятда энг улуғ деб тан олинган инсон қадри ва эркинлигини муносиб ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва амалий механизмлари ҳозирги кунга келиб тарихдаги мисли кўрилмаган даражага етган десак муболаға бўлмайди. Зеро, тарихдан маълум бўлишича ўтган даврларда ҳар хил жамиятларда инсон ҳуқуқларини қадрлаш ҳозирги замонда яшаётган одамларнинг назарида мукаммал даражага етмаганлигини англаш мумкин. Инсон онги ва жисми борлиқдаги энг юксак амалларни бажариш имконияти билан яратилган экан, фақат унга хос бўлган амалларни бажариш учун эркинлик жуда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Резолюция 217 А (III) билан 1948 йил 10 декабрда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясиқабул ва эълон қилинган. Декларация муқаддима ва 30 моддадан иборат, ўтган давр мобайнида 500 дан зиёд тилларга таржима қилинган. Декларацияда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари белгиланган.

Мазкур Декларацияни қабул қилишда инсониятнинг барча аъзоларига хос қадр-қиммат ва уларнинг тенг, ажралмас ҳуқуқларини тан олиш эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик асоси эканлиги, инсон ҳуқуқларини менсимаслик ва уни поймол этиш инсоният виждони қийналадиган ваҳшиёна ишлар содир этилишига олиб келганини, кишилар сўз эркинлиги ва эътиқод эркинлигига эга бўладиган ҳамда қўрқув ва муҳтожликдан ҳоли шароитда яшайдиган дунёни яратиш инсонларнинг эзгу интилишидир деб эълон қилинганлиги, халқлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашиш зарурлиги эътиборга олинган.

Ҳар бир инсон ва жамиятнинг ҳар бир ташкилоти доимо ушбу Декларацияни назарда тутган ҳолда маърифат ва таълим йўли билан бу ҳуқуқ ва эркинликларнинг ҳурмат қилинишига кўмаклашиши, миллий ва халқаро тараққийпарвар тадбирлар орқали ҳам унинг бажарилиши таъминланишига, БМТга аъзо бўлган давлатлар халқлари ўртасида ва ушбу давлатларнинг юрисдикциясидаги ҳудудларда яшаётган халқлар ўртасида ялписига ва самарали тан олинишига интилишлари зарур бўлганлиги учун Декларацияни барча халқлар ва барча давлатлар бажаришга интилиши лозим бўлган вазифа сифатида эълон қилинган.

Декларациянинг 1-моддасида ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғилиши, уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари кераклиги белгиланган бўлса, 2-моддада ҳарбир инсон ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодларидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар ушбу Декларацияда эълон қилинган барча ҳуқуқ ва барча эркинликка эга бўлиши зарурлиги, инсон мансуб бўлган мамлакат ёки ҳудуднинг сиёсий, ҳуқуқий ёки халқаро мақомидан, ушбу ҳудуд мустақилми, васийми, ўз-ўзини идора қиладими ёки бошқача тарзда чекланганлигидан қатъи назар бирор бир айирмачилик бўлмаслиги кераклиги белгиланган, 3-моддада ҳар бир инсон яшаш, эркин бўлиш ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларига эга эканликлари кўрсатилган.

Декларациянинг 23-моддасида ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эгалиги, таълим олишда ҳеч бўлмаганда бошланғич ва умумий таълим текин бўлиши лозимлиги, бошланғич таълим мажбурий бўлиши кераклиги, техник ва ҳунар таълими ҳамманинг қурби етадиган даражада бўлиши, олий таълим эса ҳар кимнинг қобилиятига асосан ҳамма учун етарли имконият доирасида бўлмоғи кераклиги ҳамда таълим инсон шахсини тўла баркамол қилишга ва инсон ҳуқуқлари ҳамда асосий эркинликларига нисбатан ҳурматни кучайтиришга қаратилмоғи лозимлиги белгиланган.

Декларациянинг 30-моддасида ушбуДекларациядаги ҳеч бир нарса бирор бир давлат, кишилар гуруҳи ёки алоҳида шахслар мазкур Декларацияда баён этилган ҳуқуқ ва эркинликларни йўқ, қилишга йўналтирилган фаолият билан шуғулланиши ёки ҳаракат қилиши мумкин деб талқин этилмаслиги кераклиги қатъий белгиланган. Мазкур Декларация дунё давлатларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ифодаси ва ҳимоя қилинишида жума муҳим манба сифатида хизмат қилмоқда.

З.Аметова,
Навоий давлат кончилик институти Нукус филиалининг юрисконсульти.