ИҚТИДОРЛИ ТАЛАБАЛАРГА СЕРТИФИКАТЛАР ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

Иқтидорли талабалар – Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва иқтисодий тараққиётини ҳамда унинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашини таъминловчи муҳим омил ва миллат зийнати ҳисобланади.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 20 ноябрь куни Навоий давлат кончилик институти Нукус филиалида филиалнинг иқтиборли талабалари ўртасида биринчи амалий семинар бўлиб ўтди.

Унда филиал директорининг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари И.Каландаров, Табиий ва умумкасбий фанлар кафедраси бошлиғи К.Джаксимуратов, филиал профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари қатнашдилар.

Иқтидорли талабаларни излаш, аниқлаш ва мақсадли тайёрлашнинг асосий мақсади – республикамизнинг илмий ва ижодий салоҳиятини ривожлантирувчи интеллектуал элитани тайёрлаш ва бу борада юксак истеъдод соҳибларига, билимнинг тегишли соҳалари ва фаннинг аниқ йўналишлари бўйича ўз қобилиятларини намоён этиш ва ривожлантириш, ўзларидаги ноёб истеъдодни рўёбга чиқариш учун имкониятлар яратишдир.

Иқтидорли талабаларни мақсадли тайёрлашнинг вазифалари эса қуйидагилардан иборат:
– иқтидорли талабаларнинг интеллектуал салоҳияти, чуқур билим олиш ва қобилиятларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш;
– малакали профессор-ўқитувчиларни иқтидорли талабалар билан индивидуал ишлашга жалб этиш;
– илм-фан тараққиётининг устувор йўналишлари бўйича илмий-тадқиқот ишларига иқтидорли талабаларни кенг жалб этиш;
– иқтидорли талабаларни юқори малакали кадрлар тайёрлаш, олий таълимнинг кейинги босқичларига тайёрлаш ишларига жалб қилиш;
– иқтидорли талабалар бўйича университет банки ва мониторингини шакллантириш;
– иқтидорли талабалар учун махсус ўқув дастурлари, замонавий ахборот ва педагогик технологияларни ишлаб чиқиш;
– буюртмачилар талабларини қондирувчи малакали, ҳар тамонлама камол топган кадрларни тайёрлаш ҳисобланади.

Мазкур амалий семинар давомида бир гуруҳ иқтидорли талабалар ўзларининг илмий раҳбарлари билан тайёрлаган тақдимотларини тақдим этди. Тадбир якунида фаол иштирок этган талабаларга сертификатлар берилди.

НавДКИ Нукус филиали Матбуот хизмати.