ФИЛИАЛ ТАЛАБАЛАРИ МУЗЕЙГА ТАШРИФ БУЮРДИ

2020 йил 13-14 ноябрь куни Навоий давлат кончилик институти Нукус филиали талаба-ёшлари Қорақалпоқ давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига ташриф буюришди.

XIX асрнинг иккинчи ярмидан мустақиллик йилларигача бўлган даврга оид экспонатлар жамланган музей Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва ҳудудлардаги олий таълим муассасалари тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган. У ерда музей ходими А.Алимбетов талабаларга музей тарихи ва экспонатлар ҳақида тўлиқ гапириб берди.

– Музей фондини бойитиш мақсадида университетимиз профессор-ўқитувчилари, докторант ва талабаларидан иборат гуруҳлар ҳудудларга экспедицияга юборилди, – дейди музей ходими А.Алимбетов. – Музейда 1873 йил – Қорақалпоғистон ҳудудининг босиб олиниши давридан бошлаб, халқимиз мустақиллик йилларида эришган ютуқ ва марраларни акс эттирувчи экспонатлар жой олган. Бу ерда бўлган ёшлар нафақат ўтмишнинг қалбларни ўртовчи қора кунлари ҳақида маълумотга эга бўлади, балки уларда мустақилликнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлаш йўлида сидқидилдан меҳнат қилиш туйғусини юксалтиради.

Талабалар мазкур музейда чор Россиясининг Ўрта Осиёни босиб олиш ҳаракатларидан бошлаб, бугунги мустақиллиқ йиллардаги эришилган ютуқларини акс эттирувчи экспонатлар билан танишдилар.

Н.Қыдырниязов,
Филиал ёшлар иттифоқи етакчиси.