КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ – БАРЧАМИЗНИНГ ВАЗИФАМИЗ

Мамлакатимизда сўнги йилларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилди.

Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.

Бунга биргина мисол сифатида 2019 йил 27 май кунги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонини келтириб ўтсак бўлади.

Мазкур Фармон билан 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида, жамоатчилик ва етакчи экспертларни, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб этган ҳолда дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга оширишни ташкил этиш, шунингдек 2020 йил 1 апрелдан бошлаб лойиҳани бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган.

Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Навоий давлат кончилик институти Нукус филиалида Zoom дастурида ташкил этилган онлайн тадбир давомида филиалнинг раҳбар-ходимлари билан барча профессор-ўқитувчилари коррупция ва унинг жамиятимиз тараққиётига зарари ҳақида янада кўпроқ маълумотларга эга бўлди.

Тадбирда Қўнғирот тумани ИИБ Тергов бўлими бошлиғи, майор А.Даўлетбаев, Ал-Беруний номидаги ўрта махсус ислом таълим юрти ўқитувчиси Ж.Искендеров  ва бошқалар жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, бу жиноятни келтириб чиқарувчи сабаб ва шароитларни бартараф этиш, ушбу ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилини таъминлаш масалалари юзасидан фикр билдирди.

Онлайн тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди.

НавДКИ Нукус филиали Матбуот хизмати.