“ИСЛОМ ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИ” КИТОБИ БЎЙИЧА ТУЧУНШАЛАР БЕРИЛДИ

Шарқ ва Европа мамлакатларида ислом дини ва маданиятини ифодаловчи кўп жилдли энциклопедиялар қайта-қайта нашр қилинган. Республикамизда ҳам илк марта «Ислом» энциклопедияси 2004 йилда чоп этилган эди. Кўп сонли китобхонларнинг билдирган хоҳиш-истаклари инобатга олиниб, ушбу энциклопедия кейинги йилларда исломшунослик фанида олиб борилган илмий тадқиқотлар ҳамда сўнгги маълумотлар асосида янгиланиб, бойитилиб, мақолаларнинг умумий адади қарийб икки баробарга кўпайтирилди ва таҳрир ҳайъати аъзолари томонидан шаклан, мазмунан қайта ишланган янги «Ислом» энциклопедияси сифатида нашрга тайёрланди.

Мазкур энциклопедия ўзига хос хусусиятлари билан тубдан ажралиб туради. Хусусан, исломга доир тушунчаларнинг мазмунини таҳлил ва талқин этишда кенг тарқалган ва етук исломшунослар томонидан эътироф этилган таърифу тавсифлар киритилди; ислом таълимотининг маданиятимиз ривожи, кадриятларимизнинг шаклланишидаги ўзига хос хусусиятлари, ислом маърифатининг ўзаро таъсири ёритилди; дунёга танилган машҳур ислом дини пешволари, азиз-авлиёларининг табаррук номлари билан боғлиқ муқаддас масканлар, масжид ва мадрасалар тўғрисидаги маколаларга кўпрок ўрин ажратилди; энциклопедияда нафақат мусулмон халклари, балки Ғарб мамлакатлари исломшунос олимлари ҳакида ҳам маълумотлар берилди; энциклопедиянинг дизайни ва ислом дини билан боғлиқ суратларга алохида эътибор берилиб, улар «Қуръони карим ва ҳадис китоблари», «Масжидлар», «Муқаддас қадамжолар», «Мадрасалар ва замонавий диний ўқув юртлари» каби рукнларга ажратилди.

Жорий йилнинг 3 ноябрь куни Навоий давлат кончилик институти Нукус филиалида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 12 октябрдаги 527-сонли буйруғи ижроси бўйича “Ислом энциклопедияси” китобининг илмий, маърифий ва тарбиявий аҳамиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда онлайн тадбир ташкил этилди.

Тадбирни филиал директорининг Ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Д.Жумамуратов очиб берди. Унда Жиззах политехника институти ижтимоий фанлар кафедраси ўқитувчиси Ҳ.Хидиров сўзга чиқиб, бугунги кунда дунё ҳамжамиятидаги қалтис вазиятларда ислом динининг ҳақиқий чин маъносидаги мазмунини очиб беришда мазкур энциклопедиянинг чоп этилиши катта аҳамиятга эга бўлганлигини таъкидлаб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, энциклопедиядан фойдаланган китобхонлар ислом динининг моҳияти, унинг тарихи ва ривожланиш босқичлари, ислом дини билан боғлиқ муҳим сана ва воқеалар, ислом динининг мусулмон халқлари турмуш тарзи ва маданиятига таъсири, ислом дини фалсафаси ва маданияти ривожига муносиб хисса қўшган буюк муҳаддис, фақиҳ, муфассир, мутасаввиф алломалар ҳаёти ва ижоди, муқаддас масканлар, юртимиз ҳамда дунёдаги энг машҳур масжид ва мадрасалар ҳакида ҳар томонлама илмий асосланган, содда ва равон тилда ёзилган мақолалар оркали батафсил маълумотга эга бўлишлари мумкин.

НавДКИ Нукус филиали Матбуот хизмати.