Коррупция ва миллий тараққиёт: Муаммо ва ечим

Коррупция бир неча минг йиллик тарихга эга. Ёзма манбаларда коррупция ҳақида эрамиздан аввалги Шумер подшолиги даврида эслатиб ўтилади. Коррупция бизнинг кунларгача етиб келганлиги шундан далолат берадики, бошқа иллатлар каби, уни ҳам таг-туги билан йўқотиб бўлмайди. Ҳатто ривожланган ўарб давлатлари ҳам коррупциядан буткул халос бўлолмаган. Бироқ жамият ривожига хавф солувчи коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш Ер юзидаги барча давлатларда ҳамиша ва ҳамма замонда давом этган.

Қуръони каримда порахўрлик бевосита тақиқланади: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг” (Бақара сураси, 188).

Лекин шунга қарамай, порахўрлик Усмонийлар халифалигида ҳам мавжуд бўлган. Аввалига халифа турли идоралар фаолиятини шахсан ўзи назорат қиларди, лекин вақт ўтиши билан бу ишни ўзига яқин одам — халифанинг турли ишлар бўйича шахсий ёрдамчиси бўлган вазирга топшириб қўйди. Вақт ўтиши билан вазирлар кенг тармоқли давлат аппаратини шакллантирди. X асрнинг ўрталарига келиб, у ёки бу лавозимга тайинланиш учун амалдорлар томонидан вазирларга пора бериш амалиёти шаклланиб бўлганди.

Бундан, масалан, халифа Муқтадирнинг вазири бўлган Убайдуллоҳ Ҳоқоний (926 йил вафот этган) амалдорларни турли лавозимларга тайинлаш ва олиб ташлашда фаол фойдаланди. Пулга қаттиқ муҳтожлик се-заётган давлат солиқлар тўплашни хусусий шахсларга топширгани боис бу турли суиистеъмолликларни юзага келтирарди. Шу тариқа порахўрлик халифалик таназзулга юз тутишининг сабабларидан бирига айланди.

Бу ҳолат Усмонийлар салтанатида ҳам истисно эмасди. Хусусан, деҳқонлардан турли солиқларни тўплашда ҳарбий хизматчилар қинғирликлар содир этарди. Бу суиистеъмол ҳолатларини ҳаттоки Усмонийлар салтанати шайхулисломлари чиқарган махсус фатволар ҳам бартараф қила олмади. Сипоҳилар нимадир “узатиш” эвазига аста-секинлик билан ҳарбий юришларга бормай қўйди, ўзларига тақдим этилган ерларда муқим қолиб, амалда давлат мулкини шахсий мулк қилиб олишди. Давлат эса, ўз навбатида, вазирлар тимсолида кўнгилсиз реакциядан хавфсираган ҳолда, ҳарбийлар билан тўқнашувга боришдан ҳадиксирарди.

Усмонийлар салтанатида порахўрлик оқибати шу бўлдики, қўшинлар ҳарбий тайёргарлигини йўқотди, натижада XVIII аср охири ва XIX аср бошларида қатор мағлубиятларга учраб, давлатнинг қудратига путур етказди.

Хуллас, қадим замонлардаёқ ушбу иллатга қарши қаттиқ жазолар белгиланганига қарамасдан, бу ҳамиша ҳам кўнгилдагидек натижа бермаган.

Моҳияти

Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида фуқаролик жамиятини қуришда тўғаноқ бўладиган муаммолардан бири коррупциядир, деб қайд этган. Бозор иқтисодиёти тизими кушандаси, давлатлар ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик, бизнес ҳамда инвестиция ривожида шафқатсиз тўсиқ ҳам айни шу коррупция ҳисобланади. Ҳар йили ўнлаб қўшма корхоналарнинг очилиши ва ёпилиши замирида ана шу “кўринмас қўллар” ётади. Коррупция даражаси юқорилашган давлатга чет эл инвестициясини киритиш камайиб бораётганининг асл сабабларини ҳам шу хавфли иллатдан излаш лозимга ўхшайди.

Олдин Ғарб, кейинроқ Осиё давлатларида бу масала чуқурлашиб, жамиятда “касаллик” ҳудуди, кўлами ва даражаси кучайиб бораётган экан, нима қилмоқ керак, деган доимий савол пайдо бўлади. Нима қилса, дунёни эгаллаб, мамлакатлар иқтисодиётига рахна солаётган бундай бало-қазонинг таъсир доираси камаяди?!

Коррупция кенг қамровли тушунча бўлиб, у жамиятнинг айрим қатламлари, тоифалари, гуруҳларикундалик фаолиятига айланиб, ўзаро бир-бирига боғланиб, чирмашиб кетганлигидан кўз юмиб бўлмайди. “Нозик”, “чигалроқ” ушбу масалада давлатнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари бирмунча ҳушёр, зийрак бўлиши, шунингдек, нодавлат ташкилотлари, турли комиссиялар, журналистлар, мустақил судлар тизими фаолроқ ишлаши ҳақида тадқиқотчилар анчадан бери ёзиб келади. Сиёсатчилар, социологлар, психологлар, тарихчилар, давлат ҳамда жамоат органлари, сиёсий партиялар, энг муҳими, амалиётчилар масалани таҳлил этиш ва ечимини топиш устида бош қотириши лозим.

Кейинги йилларда хориж, жумладан, МДҲ мамлакатлари матбуотида коррупцияга қарши курашиш йўллари ҳақида мақолалар пайдо бўла бошлади. МДҲга аъзо мамлакатларда олиб борилган тадқиқотлар таҳлили шундан далолат берадики, биз шўролар тузумидан қутулганимизга ўттиз йилбўлганига қарамай, суд-ҳуқуқ органлари ҳамон давлат ҳокимиятининг итоаткор органига айланганича турибди. Бу жамият кушандаси, ярамас иллат ҳақида давлатимиз раҳбари деярли ҳар бир чиқишида таъкидлаб ўтади. Биз вилоятлар сессияларида ташкилий масала кўрилганда, биринчи навбатда, мазкур масалага рўбарў келмоқдамиз.

Порахўрлик ва коррупция ўзбек жамиятининг ривожланишига, хусусан, демократик янгиланиш ҳамда модернизациялаш жараёнига ҳар жиҳатдан халақит бермоқда. Гарчи бу масала узоқ йиллардан бери таъкидланиб, “қўлга тушган” амалдорлар телевидение ва матбуотда намойиш этилганига қарамасдан, суд, прокуратура, идора раҳбарлари ҳамда оддий фуқароларнинг қон-қонига сингиб кетган феодализм сарқитлари, тамагирлик, бюрократия жамиятимиз ҳаётидан йўқолиб кетмаяпти.

Коррупция, биринчидан, жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмай қолмайди; иккинчидан, фуқароларимизда ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишини кўпайтиради; учинчидан, сиёсий институтлар, жамоат ташкилотлари шаклан демократик мезон, ўарб андозасига ўхшаса-да, мазмун-моҳиятига кўра, замон талабидан орқада қолмоқда, бу камчилик эса олдинга силжишимизга халақит беради.

Бизнингча, бу борада битта ташкилот — адлия органлари роли кучайиб, имтиёзлари кўпайиб бориши керак. Янги ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам Адлия вазирлиги билан қонун устуворлигини тўлиқ таъминлаган ҳолда, барча ишни бирга олиб бориши давр талаби.

Ҳолати

Давлат ва жамиятда инсон онги, дунёқараши билан боғлиқ муаммолар таҳлилидан келиб чиқсак, собиқ иттифоқдан мерос қолган коррупция иллатига қарши курашда ҳали анча азият чекишга тўғри келади. Сабаби Хитой ва Сингапурникига ўхшаган юқоридан қуйигача қатъий ишлайдиган иерархия тизими ҳали тўлиқ ишга тушмаган.

Лекин бу табиий жараённи сунъий равишда секинлаштирмаслик ёки айрим кучларнинг тазйиқи остида “тўхтатмаслик” лозим. Бу борада ривожланган давлатлар бой тажрибасидан унумли фойдаланиш зарур. Масалан, АҚШда репортёр-журналистлар коррупцияга қарши курашда энг самарали жамоат назоратини ўрнатган. МДҲда, жумладан, Ўзбекистонда суриштирув журналистикаси саёз ҳолатда бўлиб, бугунги давр эҳтиёжидан орқада қолмоқда.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, жиноятчилар “кирдикор”ларини фош этишга уриниб, мустақил суриштирув олиб борадиган фидойи журналистлар ҳимояси ишламайди. Бундан ҳам ачинарлиси, ҳозирги кунда бирон-бир раҳбарнинг яширин бойлик орттиришини исботлаган мақола матбуотда чоп қилинса-да, унга қатъий чоралар кўрилмайди, аҳвол ҳам ўзгармайди. Масалан, бир вақтлар раҳбар ҳақида фельетон чиқса, партиядан ўчирилар, қамалар, шунинг учун амалдорлар “тўртинчи ҳокимият”дан ҳайиқарди.

Демак, “Муштум”га ўхшаган икки-учта кучли вақтли матбуот нашри фаолияти қўллаб-қувватланса ва телевидениеда махсус кўрсатувлар деярли ҳар куни (хоҳ катта, хоҳ кичик тамагирлик ҳолати бўлсин) бериб борилса, кўпчилик ҳушёр тортиши аниқ. Танқидсиз тараққиёт бўлмаслиги фуқаролар онгига сингдириб борилиши -керак, деб ҳисоблаймиз.

Жамиятда устувор соҳа — таълим тизимида таҳсил оладиган ўсмирлар, ёшлар онгида толерантликни уйғотиш муаммоси олдимизда кўндаланг турибди. “Жамиятда порахўрлик иллатини енгиб бўлмайди”, деган фикр ёшлар онгида шаклланиб қолгани (Япония ёки Хитой фуқароси онгида нега у шаклланмаганлиги алоҳида мавзу) энг катта камчилигимиз.

Бу борада ўнгланиш, силжиш қилмасак, миллатимиз обрўсига коррупция иллати соя солиб тураверади. Токи, биз оилада, боғчада, мактабда ўғил-қизларимиз онгига, руҳиятига тамагирлик, порахўрлик ёмон иллатгина эмас, балки у жамиятимиз таназзули, иқтисодиётимиз орқага кетиши сабаби эканлиги ҳақида кўпроқ тарбиявий ва тарғибот ишларини олиб бормасак, мақсад-муддаога эриша олишимиз қийин.

Сўнгги йилларда Юртбошимиз томонидан илгари сурилган давлат халққа хизмат қилиши керак, деган улкан ғоя фуқаролик жамияти институтларига тизим ва дастурларни ишлаб чиқиш имкониятини берган эди. Аммо нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар бу борада ташаббус ҳамда ташкилий ишларни амалга оширишни негадир пайсалга солмоқда.

Тўғри, кейинги вақтларда, хусусан, 2017 йилдан бошлаб, мамлакатимизда “парламент назорати”, “жамоатчилик назорати”, деган атамалар таомилга киритилди, бу борада илк қонунлар қабул қилинди. Демак, биз мазкур соҳада ишлайдиган тизимни тезликда яратишимиз, миллий менталитетни ҳисобга олган ҳолда, Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари илғор тажрибасини қўллашга ўтишимиз лозим. Жамоатчилик назоратисиз Ўзбекистонда сиёсий тизим ислоҳотларини амалга ошириб бўлмайди.

Айниқса, модернизация, янгиланиш, ислоҳотлар билан коррупциянинг бир-бирига “қони қўшилмайди”, янгилик билан эскилик тарафдорлари, фан, инновация, креатив фикрловчилар билан эски бюрократия авлоди ўртасида муттасил кураш давом этади.

Схемалари ва индекси

Коррупция — чегара билмас “аждаҳо”, у алдамчилик, порахўрлик ва пулни “ювиш”нинг аниқ “чизма” (схема)ларидан ташкил топган. Россияда кечроқ бўлса-да, унга қарши янги механизм чоралари қидирилмоқда.

Сабаби Б. Ельцин ҳокимияти даврида мамлакатда иқтисодиётни режали ва мақсадли бошқариш тизими бутунлай издан чиқиб, кўпроқ ўарбнинг таъсирига тушиб қолганди, параллел равишда режасиз (миясиз) ҳамда жиноий иқтисодиёт баравар олиб борилган эди.

Россия Ички ишлар вазирлиги Иқтисодий хавфсизлик академиясининг маълумотига кўра, 2015 йил охирида мамлакатда иқтисодиётнинг жиноятлашганлиги даражасижуда “танг” аҳволда бўлиб, “хуфиёна иқтисодиёт” ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг 40 фоиз кўрсаткичи даражасига етган, 1991 йилда эса бор-йўғи 11 фоиз бўлганди.

“Transparency Int” (TI) коррупцияга қарши тадқиқот марказининг 2017 йилдаги маълумотига кўра, Россияда коррупция ҳолатини ўзлаштириш индекси 2,3 баллни ташкил қилиб, 180 давлат ичида 143-ўринга — Гамбия, Индонезия ва Того даражасига тушиб қолган…

Юқорида таъкидланган халқаро ташкилот 2018 йилги коррупцияни қабул қилиш индексини эълон қилди. 100 баллик индексга кўра, Ўзбекистон 23 балл олиб, умумий рейтингда 180 мамлакат ва ҳудудлар орасида 158-ўриндан жой олган. Ушбу рейтинг 0 (коррупцияни идрок этишнинг жуда юқори даражаси) дан 100 гача (жуда паст) шкалада ҳисоблаб чиқилади.

Коррупцияни идрок этиш индексини — давлат секторидаги коррупция даражасини эксперт ва бизнес вакиллари баҳолайди. Аввалги йилларда бўлгани каби, дунё мамлакатларининг учдан икки қисмидан кўпроғининг ўртача бали 43 дан 50 гача кўрсаткичда турибди. Индекс тузувчиларнинг фикрича, бу аксарият мамлакатларнинг -коррупцияни жиддий назорат қила олмаганлиги ва демократиянинг инқирозидан далолат беради.

Дания 88 “очко” билан пешқадамликни Янги Зеландиядан қайтариб олди. Кучли ўнликка Финляндия, Сингапур, Швеция ва Швейцария (ҳар бири 85 балл), Норвегия (84), Нидерландия (82), Канада ва Люксембург (81 балл) кирган. Энг ёмон кўрсаткич Сомали (10), Сурия, Жанубий Судан (13), Яман ва Шимолий Кореяда (14).

“Бизнинг тадқиқотларимиз соғлом демократия билан давлат секторидаги коррупцияга қарши кураш ўртасида аниқ боғлиқликни кўрсатиб берди”, дейди халқаро ташкилот раиси Делиа Феррейра Рубио.

Собиқ СССР мамлакатларида 2018 йилда Коррупцияни англаш индекси бўйича Эстония 18-ўринни, Грузия — 41, Беларусь — 70, Қозоғистон — 124, Тожикистон — 152, Ўзбекистон 158-ўринни эгаллаган.

Агентликнинг вазифаси

2020 йил 29 июнда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бу борада давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш билан бирга, ана шу кўрсаткични яхшилаш устида кўп ишлаши керак.

Бунда бир омилга аҳамият берилиши, яъни кўчмас мулк сотиб олинаётганда пулларнингкелиб чиқиши қонунийлиги текширилиши зарур, деб ҳисоблаймиз. Ваҳоланки, бизда жуда қиммат уйлар эгалари уларни сотиб олиш ёки қуриш учун маблағни қаердан олгани суриштирилмайди ҳам (2021 йилда декларация тўлдирилади, унгача мулклар имкон қадар “бошқа”га ўтказилиши мумкин).

Қонунчилик тизимида ҳам камчилик мавжуд. Мисол учун, хонандалар ёки бошқа айрим тоифа кишиларининг хоҳлаганча қаср уйлар қуришига, телевидениеда кўз-кўз қилинишига йўл қўйилиши қонунлар яхши ишламаётганидан дарак беради. Масаланинг маънавий тарафи ҳам борки, енгилгина йўл билан бундай шоҳона яшаш бир вақтлар прокурор ёки ДАН ходими тайёрлайдиган ўқишга киришни истовчи ёшлар кўпайганига ўхшаш ҳолатни пайдо қилиши мумкин.

Демак, бу истеъдоди бўлмаса-да, оддийгина техника, фонограммага суяниб, мўмай пул топадиганхонандалар сонининг 10 баравар ошишига олиб келади. Бу фикрга кўпчилик қарши чиқиши мумкин. Аммо жамиятда барча соҳада тенг мувозанатни сақлашдек “олтин қоида” бузилмаслиги тарафдоримиз. Фонограммада айтилган қўшиқнинг CD дискларини ёзиб олиш, кўпайтириш ва сотиш билан шуғулланувчиларга ҳам шундай “имтиёз”лар белгиланиши, солиқ тўламаслиги оқибатида Давлат бюджети катта иқтисодий зарар кўришига ҳам тоқат қилиб бўлмайди. Бундай коррупциоген ҳолатларнинг илдиз отишига, бир гуруҳ кишиларнинг бойиб кетишига йиллар давомида шароит яратилган. Дейлик, саводи ҳаминқадар хонанда ё диск кўпайтирувчи ўзи ўқитган мактаб муаллими ёки узоқ йиллар давомида илм билан шуғулланган олимдан ҳам кўпроқ маблағ топишига имконият яратилиши адолатсизлик ва коррупциянинг очиқ кўриниши эмасми?!

Аҳоли табақалари даромадларининг фарқланиш миқдори кескин ўзгаргани иқтисодчиларни ташвишга солмоқда. Мисол учун, собиқ иттифоқ статистика қўмитаси маълумотига кўра, бу 1956 йилда 3,28, 1986 йилда 3,38 га етган — қарийб тенг бўлса, мустақиллик йилларида бой ва камбағаллар даромадидаги фарқ анча кўпайган. Расмий маълумотларда 10 фоиз энг бадавлат кишилар даромади энг камбағал фуқароларнинг даромадларидан 10 — 15 марта ошиб кетганлиги маълум бўлмоқда.

Кўплаб экспертлар “яширин иқтисодиёт” ҳисобга олинганда, ўртадаги ҳақиқий тафовут 25 — 40 маротаба эканлигини қайд этмоқда. Ҳозирги кунда яшаш минимумидан паст даражада кун кечираётган камбағал аҳоли 15 фоиздир. Бу масалада 2019 йилдан бошлаб катта силжиш кузатилган, ҳатто бутун бир вазирлик ишлаётган бўлса-да, ўртадаги фарқнинг кучайиб бориши жамият қатламларида турли фикрларни пайдо қилиши мумкин.

2020-2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”)ни босқичма-босқич жорий этиш чоралари кўрилиши соҳада туб ўзгаришларга туртки беришига ишонамиз. Агентликка халқаро конвенция талабларини бажариш мақсадида ушбу йўналишдаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий координатори вазифа ва ваколатлари юклатилиши, мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиши идоранинг мақом ҳамда нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

Демак, миллий тараққиётга тўсиқ бўлиб келаётган коррупцияни бартараф этиш йўлида дадил қадамлар ташланмоқда. Энг асосийси, коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз.

Иллатга қарши курашишни нимадан бошлаш керак?

Энг аввало, коррупцияга қарши курашишни оиладан бошлаш даркор. Бу борада аёлларнинг роли катта, деб ҳисоблаймиз. Агар ўғрилик ёки пора ҳисобига келган луқманинг таг-илдизини аёлларимиз суриштириб билса, очиқ фикрини айтолса, эрлар ҳалол ризқни излашга тушиб, иши ва оиласида файз-барака, сокинлик ҳамда хотиржамлик қарор топиши, шубҳасиз.

Коррупция — тамагирликнинг юқори нуқтаси. Унга қарши курашиш учун амалдорлардан сиёсий ирода талаб қилинади. Ушбу вазиятдан чиқиш усули шуки, аввало, давлат бюрократик аппарати ҳажми имкон қадар камайиши, фуқароларнинг шахсий ҳаётига ва иқтисодий фаолиятига давлатнинг минимал аралашуви, монополияга барҳам берилиши лозим.

Тўғри, коррупцияга қарши курашиш турли мамлакатларда турлича намоён бўлади. Аммо давлат хизматида ўғриламаслик учун дунёда фақат иккита рецепт тан олинади: 1. Швейцария — вақтни қисқартириш.

2. Хитой — ҳаётни қисқартириш.

Албатта, мамлакатимизда ҳам бу иллатга қарши кескин курашиш чоралари кўрилмоқда. Тадқиқотлар бирор-бир иллатга барҳам беришда энг самарали восита иллатнинг ўзи билан эмас, балки сабаби билан курашиш эканини кўрсатмоқда.

Бизнингча, бу ярамас иллатга қарши курашишни қуйидаги муаммоларнинг ечимидан бошлаш тавсия этилади: агентлик томонидан коррупция таркибий қисмига кирадиган қонун ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиши; давлат муассасалари устидан жамоатчилик назорати (очиқлик индекси) ўрнатилиши; ҳокимлар ва вазирлар парламент ҳамда маҳаллий Кенгашлар томонидан тасдиқланиши; барча давлат хизматлари “Ягона ойна” марказларига ўтказилиши, суд тизими мустақиллиги мустаҳкамланиши; давлат хизматчиларининг ижтимоий ҳимояси, мансабдор шахсларнинг иш ҳақини бизнесдагига ўхшаш иш ҳақидан 2-3 баравар кўп бўлишига эришилиши (Грузия тажрибаси) керак.

Бунинг учун мустақил комиссия ва марказларни тузиш, ҳақиқий аҳволни жиддий ўрганиш, барча тадқиқотлар ҳамда ахборотларни мунтазам йиғиб борадиган ягона марказ тезда иш бошлаши талаб этилади. Чунки қиладиган иш ва вазифа ўн йилларга етгулик.

Тан олиш жоизки, давлат харидлари, инвестиция, банк, солиқ, божхона, бозорлар, қурилиш тизимида коррупцияга алоқадор шахслар яхши даромад кўради. Қонунчилик амалиёти, ҳуқуқ-тартибот органларининг уларга қарши туриш борасида ўта “ожизлиги”, “заифлиги”, ҳатто хайрихоҳлиги ҳолатлари ишимизга халақит бериб, бунинг оқибатида халқ ва давлатнинг ер ости ҳамда ер усти бойлигини ўзлаштириш эвазига чет элларда данғиллама виллаларга эгалик қилиш ҳолатлари кўпайиб боради.

Хориждан олинган аччиқ сабоқлар

Жамият аъзоларини бирдай қийнаб келаётган балои офатга қарши курашиш учун биз қўшни давлатлар тажрибасини ўрганиш ва сабоқлар чиқариш йўлида изланиб, Россиядаги аҳволни кўздан кечирдик: 2000-йиллар аввалида улкан мамлакатнинг миллий хавфсизлигига коррупция хавф сола бошлагач (асосан, ер ости бойликлари ва мудофаа соҳаси маблағларини талон-торож қилиш), махсус идора очилди, мавжуд муаммолар -халқаро тажриба билан таққосланиб, “ҳомий” вазифасини бажарган ҳуқуқ-тартибот органлари, солиқ, божхона хизмати тизими раҳбарларига кескин чоралар кўрилди.

Ички ишлар органи тизими бутунлай ислоҳ этилди. Криминал тармоқлардаги узоқ йиллик коррупция ҳолатлари ишончли далиллар орқали фош қилиниб, йирик жиноий ишлар очилди.

Тўғри, Б. Ельцин ҳокимияти даврида масалага панжа орқасидан қараб келинган эди. Россия Федерацияси Президенти В. Путин назоратига ўтган кўплаб махсус илмий марказлар, жамоат ташкилотлари қисқа муддатда вазирликлар ва минтақалардаги коррупция даражасини аниқлаб олдилар.

Масалан, Москва ҳамда марказий шаҳарларда коррупция юқори, узоқ ўлкаларда камроқ ривожланган эди. Айниқса, суд, прокуратура, ички ишлар органларида, олий ўқув юртларида коррупцион тизим “самарали” ишлаганлиги аниқланиб, минглаб мансабдор шахслар лавозимидан озод қилинди. Бундан хулоса чиқарган тамагир раҳбарлар сиёсий вазиятдан сал чўчиб, ўзларини “панага тортди”.

Айтиш мумкинки, ўзбек сиёсатчилари, давлат арбоблари, олимлари ўрганаман деса дунё мамлакатларида бундай жиҳатлар кўплаб топилади. Мисол учун, Сингапурда пора олишдан бош тортган амалдорларга мукофотлар тарқатилади. Япония давлат сектори ходимларининг виждонлилиги баҳолаб борилади. Биз ўзига хос бундай ислоҳотлар таг-заминидаги ички ва ташқи омилларни тадқиқ этишимиз зарур. Булардан ташқари, “конфуцийча капитализм”, сухарточа сиёсат, Махатхира (руху нигара) ғояларининг мазмун-моҳияти ҳам деярли ўрганилмаган.

Хуллас, давлат органларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кураш бўйича чора-тадбирларни жорий этиш, аҳолининг коррупцияга қарши қарашларини шакллантириш бўйича халқаро тажрибалар ҳеч қачон зарар қилмаган.

Хулоса ўрнида

Ўзбекистонда бу борада тўпланган муаммолар Россияникига яқин туради, демак, дастлабки тадбирлар ана шу схема асосида амалга оширилиши мумкин. Коррупция илдизига болта уришда жиноят ишлари бўйича судлар устувор мавқени эгаллаши лозим, деган фикрдамиз.

Лекин афсуски, МДҲ давлатларида кимнингдир тазйиқи, кўрсатмаси ёки тамагирлиги, мансабдорнинг сотиб олиниши эвазига судларнинг адолатсиз ҳукмлар чиқариши ҳоллари кўп учрайди (юртимиз ҳам мустасно эмас). Суд тизими сиёсий ҳокимиятнинг итоатгўй, тобе органига айланиши касалликнинг баттар газак олишига олиб келади.

Жонли мисол, маҳаллий ҳокимларнинг фуқаролар ва юридик шахсларга ерни ажратиши, кўп йилдирки, бизнесга, кимошди савдосига айланиб, роса коррупциялашганлиги боис, улар чиқарган қарорларнинг тенг ярми, қарийб 2000 таси судлар томонидан бекор қилингани, сўнг депутатлар қистови билан мазкур вазифанинг геокадастр ташкилотига ўтказилгани шу соҳада ташланган дадил қадам бўлди. Булардан ташқари, ўнлаб ваколатлар жамоат ташкилотлари ихтиёрига топширилди. Ишонамизки, бундай демократик жараён давом эттирилади.

Мамлакатимизда ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш пайтида коррупция жиддий тўсиқ бўлаётгани жамоатчиликни ташвишга солмоқда. Шу боис Юртбошимиз бошлаб берган жамиятни демократлаштириш, модернизациялаш жараёнлари қийинчилик билан давом этмоқда. Иқтисодиётнинг инвестиция киритилган, “пул ишлайдиган”, бирмунча “ёғли” тармоқларига ўрнашиб олган “коррупция ҳалқаси” миллий тараққиётимизнинг душмани, жамоат назорати эса уларга қарши курашда ожизлик қилаётгани ҳам афсуски бор гап. Мамлакатда коррупция схемалари, меҳнат қилмасдан тезда бойиб қолиш механизмлари, ишланган усуллари “занжири” узиб ташланмас экан, давлатимизнинг ҳар қандай сиёсий, иқтисодий ислоҳотини ҳаётга олиб кириш, халқни фаровон қилиш вазифаси қоғозда қолиб кетаверади.

Шу ўринда яна бир тоифа ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Маълумки, 1990-йиллар бошида мустақиллик йўлига ўтган ёш давлатларда модернизациялаш табиий бўлмаган жараённи ўз бошидан кечирди. Барча кўрсаткичлар газеталарда ёзилгандай “силлиқ” эмас, балки нотекис кечаётгани кўпчиликка маълум эди. Чунки давлат бош ислоҳотчиликни бўйнига олган бўлса-да, уни амалга оширувчи институт бюрократия қўлида қолганди. Аппаратчи бюрократлар синфи социализм ҳукм сурган эски даврларни кўп қўмсайди, янгиликни хоҳламайди. Масалани шу жиҳатдан холис таҳлил қилганимизда, бюрократиянинг ҳокимиятга “таъсири” коррупционерлардан кам эмаслиги аён бўлади.

Коррупция ва миллий тараққиёт масаласи — юрт тақдири, мамлакат келажаги учун ҳар қачонгидан муҳим ва долзарб аҳамият касб этади. Сабаби юртимиз аҳолиси бир асрлик мустамлакачилик даврида йўқотилган моддий ҳамда маънавий бойликлар ўрнини қайта тиклаш, иқтисодиётни ривожлантириш, миллий ўзликни асраш йўлида кечаю кундуз меҳнат қиладиган давр келди.

Японлар ҳам, хитойликлар ҳам, сингапурликлар ҳам халқ руҳиятини сақлаб қолиш, диний қадриятларни мустаҳкамлаш, ватанпарварлик мафкурасини онгга сингдириш орқали миллий тараққиётга эришди. Биз ҳам шу нурли йўлдан юришга муносиб халқмиз. Зеро, озодлик, эркинлик яратган бой имкониятдан тўлақонли фойдаланиш Ўзбекистонда коррупция муаммоси ечилишига, қолаверса, учта ҳокимиятнинг ўзаро тийиб туриш тамойилига нечоғли амал қилишига чамбарчас боғлиқ бўлади.

Мухтасар айтганда, коррупция — тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Бу иллатга қарши курашиш тегишли органларнинггина эмас, барчанинг иши бўлиши зарур. Шундагина биз ушбу хавфни бартараф этган бўламиз.

Бахтиёр ОМОНОВ,
сиёсий фанлар доктори.
Манба: http://xs.uz