Алишер Навоий ҳикматлари

Одам — тили билан бошқа ҳайвонлардан имтиёзлидир. Унинг тили орқали бошқа одамлардан афзаллиги билинади. Тил — шунча шарафи билан нутқнинг қуролидир. Агар нутқ номаъқул бўлиб чиқса — тилнинг офатидир.


Тил ширинлиги — кўнгилга ёқимлидир; мулойимлиги эса — фойдали. Чучук тил аччиққа айланса кўпчиликка зарари тегади; қанддан май тайёрланса ҳаром бўлади. Ширин сўз соф кўнгиллар учун асал каби тотлидир; болалар учун мулойим табиатли одам — ҳалвофуруш каби севимлидир.


Ҳар кимнингки сўзи — ёлғон, ёлғонлиги билингач, уятга қолғон; ёлғонни чиндек гапирувчи сўз устамони — кумушга олтин қоплаб сотувчи заргар. Ёлғон-афсоналар билан уйқу келтирувчи ёлғончи — уйқуда алаҳловчи. Ёлғон гапирувчи ғафлатдадир; сўзнинг бир-биридан фарқи кўпдир, аммо ёлғондан ёмонроқ тури йўқдир.