Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик декларацияси ва «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги Қонуни мазмуни ва моҳияти ҳақида

Ҳар бир инсон бахтли бўлиши учун эркин бўлиши, эркин булиши учун эса ўз навбатида мустақил бўлиши керак. Мустақиллик – бу, инсон ўз тақдирига ўзи эгалик қилиш ҳуқуқи эканлигини англаб олиш ва уни янада мустахкамлашга интилиш кераклигини тушиниш лозим. Қачон хар бир инсон ана шу оддий хақиқатни тушиниб етса, яъни бу ғоя одамлар қалбидан жой олса, ана шунда у миллатни жипслаштирадиган ва тараққиёт сари етаклайдиган миллий ғояга айланади.

1991 йилнинг 31 августида Ўзбекистон давлат мустақиллиги эълон қилингач, халқимизнинг қадди тикланди. Ватан қадри ортди, миллий қадриятларимиз, динимиз, “Наврўз” байрами, Рамазон ҳамда Қурбон ҳайтлари яна халққа қайтарилди. Инсондаги энг олий туйғу — Ватан туйғусидир. Ўзи туғилиб-ўсган она юртини жон қадар севадиган, ўзга юрт табиатидан ўз юрти табиатичалик завқ ололмайдиган, диёридаги катта-кичик ютуқлардан фаҳрланадиган, ҳатто митти чумоли ҳаракатидан завқланадиган бутун ақл-заковати, қалб қўри, куч ва имкониятини шу жамият ва табиат гўзаллиги, ривожига бахшида эта олган инсондагина бу туйғу намоён бўлади.

Янги давлат рамзлари – давлат байроғи, герби, мадҳияси, миллий валютасига эга бўлди. Мазмун ва моҳиятан тамомила янги давлатимизнинг Асосий Қонуни – Конституциямиз қабул қилинди. Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, Ватан тушунчаси ўзгача мазмун касб этди.

Ватанимиз ҳудудига ривожланган мамлакатларнинг нуфузли корхона ва ташкилотлари ўз техника ва технологияси, маҳсулотлари билан кириб кела бошлади. Оз фурсат ичида йирик-йирик Ўзбекистон-хорижий мамлакатлар қўшма корхоналари ташкил этилди ва ишга туширилди. Тарихан қисқа бир даврда ватанимиз дунёга танила бошлади. Бугун – Истиқлолнинг 29 йиллик тантанаси арафасида не-не машаққатларни ортда қолдириб, халқимиз меҳнатини ҳар қанча кўкларга кўтарсак ҳам камлик қилади. Зеро сабр-қаноат ва шукроналик тўйғулари бағрикенг халқимизнинг қон-қонига сингиб кетганлигини ҳозирги пандемия шароитида ҳар бир байрамни кўтарингки руҳта ўз уйларида яқинлари бағрида нишонлаётганликларидан ҳам кўришимиз мумкин бўлмоқда.

Ушбу кунларда яъни давлатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида мазкур тарихий воқеанинг мустаҳкам пойдевори бўлган ҳуқуқий ҳужжатлар бўлган Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик декларацияси ва «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги Қонуни мазмун-моҳияти ҳақида яна бир бор тушунтириб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади.

 Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик декларацияси Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Советининг 1990 йил 20 июндаги иккинчи сессиясида қабул қилинган.

 

Мустақиллик декларациясида ўзбек халқининг давлат қурилишидаги тарихий тажрибаси ва таркиб топган бой анъаналари, ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминлашдан иборат олий мақсад ҳақи, ҳар бир кишининг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашни олий мақсад деб билган ҳолда, Ўзбекистон халқларининг келажаги учун тарихий масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, халқаро ҳуқуқ қоидаларига, умумбашарий қадриятларга ва демократия принципларига асосланиб Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг Давлат мустақиллиги эълон қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон ССРнинг демократик давлат мустақиллиги республиканинг ўз ҳудудида барча таркибий қисмларида ва барча ташқи муносабатлардаги танҳо ҳокимлиги, Ўзбекистон ССРнинг давлат ҳудуди чегараси дахлсиз ва бу ҳудуд халқнинг муҳокамасига қўйилмай туриб ўзгартирилиши мумкин эмаслиги, Ўзбекистон ССРда давлат ҳокимияти унинг ҳудудига кирадиган барча таркибий ва бўлинмас қисмлари устидан амалга оширилиши ва шу ҳудудда яшайдиган аҳолига тааллуқлиги, ушбу Декларация Ўзбекистон ССРнинг янги Конституциясини ҳамда янги иттифоқ шартномасини ишлаб чиқиш учун асос эканлиги ва бошқалар белгиланган.

«Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги Қонуни 1991 йил 31 августда қабул қилинган бўлиб 17 моддадан иборат. Ушбу Қонунда Ўзбекистон Республикаси, ўз таркибидаги Қорақалпоғистон Республикаси билан бирга мустақил, демократик давлат эканлиги, Ўзбекистон Республикасининг халқи суверен ва у республикада давлат ҳокимиятининг бирдан-бир соҳиби эканликлари , У ўз ҳокимиятини ҳам бевосита, ҳам вакиллик идоралари тизими орқали амалга ошириши белгиланган.

Қонуннинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси ва ҳудуди дахлсиз ва бўлинмас бўлиб, унинг халқи ўз хоҳиш-иродасини эркин билдирмасдан туриб ўзгартирилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Қонуннинг 7-моддасида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг моддий асоси унинг мулки эканлиги, Республика ҳудудидаги ер, ер ости бойликлари, сув ва ўрмонлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, табиий ва бошқа ресурслар, республиканинг маънавий бойликлари Ўзбекистон Республикасининг миллий бойлиги, мулки ҳисобланиши белгиланган.

Қонуннинг 10-моддасида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида олтин, бошқа қимматбаҳо металлар ва тошларни қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлашни мустақил амалга ошириши ҳамда назорат қилиши, ўз олтин захирасини яратиши белгиланган.

Қонуннинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Инсон ҳуқуқлари умумий декларациясига мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги жорий этилиши, Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари миллатидан, элатидан, ижтимоий чиқишидан, қайси динга мансублигидан ва эътиқодидан қатъи назар, бир хил фуқаролик ҳуқуқларига эга, республика Конституцияси ҳамда унинг қонунлари ҳимоясида бўлиши, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари республикадан ташқарида ҳам Ўзбекистон Республикасининг ҳимоясида бўлишлари белгиланган.

Қонуннинг 17-моддасида Ўзбекистон Республикаси ўз таркибидаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳудудий бутунлигини ва мустақиллигини эътироф этиши, Ўзбекистон Республикаси билан Қорақалпоғистон Республикаси ўртасидаги ўзаро муносабатлар тенг ҳуқуқлилик асосида, улар ўртасидаги икки томонлама шартномалар ва битимлар воситасида қурилиши, Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидан тегишли қонунлар асосида эркин чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолиши қатъий белгиланган.

З.К.Аметова
Навоий давлат кончилик институтининг
Нукус филиали юрисконсульти