Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорликдаги илмий лойиҳалар танловини эълон қилади

Мазкур танлов ўзбек тилининг жамиятдаги ва халқаро миқёсдаги мавқеи ҳамда нуфузини ошириш, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида давлат тилининг тўлақонли жорий этилиши бўйича мавжуд муаммоларнинг илмий ечимини таъминлаш, давлат тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилади.

Танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорида белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилади.

Танлов мавзулари

Танлов шартлари

Коронавирус пандемияси сабабли республикамизда эълон қилинган карантин шароитида лойиҳалар www.fan-portal.uz веб-саҳифаси орқали жорий йилнинг 2 октябрига қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.

Бунда қуйидаги ҳужжатларнинг асл нусхалари сканердан ўтказилиб, pdf шаклида www.fan-portal.uz веб-саҳифасига юкланиши лозим:

ижрочи ташкилотнинг юқори турувчи вазирлик/идораси раҳбари (ўринбосари) томонидан имзоланган йўлланма хат;

ижрочи ташкилотнинг илмий (илмий-техник) кенгаши қароридан кўчирма;

амалий ёки инновацион лойиҳа матни (имзо ва муҳр қўйилган ҳолда).

Лойиҳа матни А4 форматдаги стандарт қоғоз варағининг икки томонида жойлашиши ва қоида тариқасида 1,15 қатор оралиғида ёзилиши лозим. Ҳар бир бет юқоридан ва пастдан 2 см; чапдан 3 см; ўнгдан 1,5 см ҳошияга эга; хатбоши 1,27 см га тенг ва бир хилда бўлиши лозим.

Матнни тайёрлашда “Тimеs Nеw Rоmаn” 12 ўлчамли шрифтда “Мiсrоsоft Wоrd” матн редакторидан фойдаланиш тавсия қилинади.

Бетлар титуль варағидан бошлаб охирги вараққача изчил кетма-кетликда рақамланади. Бетнинг тартиб рақами варақнинг пастки ўнг бурчагида 2 рақамидан бошлаб ёзилади. Титуль варағига 1 рақами қўйилмайди.

Лойиҳанинг ҳар бир талаб қилинган ҳужжати ва бошқа таркибий қисмлари янги бетдан расмийлаштирилади.

Лойиҳа раҳбари ва иштирокчиларининг мезонларда талаб қилинган илмий ишлар рўйхати (охирги 3 йил давомидаги нашрлар қуйидаги хронологик тартибда келтирилиб, изчил кетма-кетликда рақамланади: монография; патент; илмий мақола; илмий тўпламлар ва бошқа нашр ишлари) 3.4-шаклга қатъий риоя қилинган ҳолда расмийлаштирилади ва муаллиф, илмий котиб томонидан имзоланиб, ташкилот муҳри билан тасдиқланади.

Тақдим этилган лойиҳалар танлов талабларига қатъий риоя қилинганлиги, лойиҳа материалларининг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги, кўчирмачиликка (плагиат) йўл қўйилмаганлиги, талаблар асосида шакллантирилганлиги бўйича дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.

Дастлабки техник экспертизадан ўтмаган лойиҳалар танловнинг кейинги босқичига тавсия этилмайди.

Танлов натижаларига кўра ғолиб деб топилган илмий лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Тақдим этилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилиги ҳамда танлов ғолиблари томонидан илмий-техник лойиҳаларнинг натижадорлиги, тижоратлаштириш даражаси, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган, кутилаётган натижаларни тўла ва ўз вақтида сифатли бажарилишига илмий лойиҳа раҳбарлари, илмий лойиҳани бажарувчи ташкилот раҳбарлари ва тегишли юқори турувчи ташкилотларнинг масъул ходимлари жавобгар ҳисобланадилар.

Эслатма: Танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг натижалари тўғрисидаги маълумот www.mininnovation.uz веб-сайтида “Танловлар” рукнининг “Танлов натижалари” интерактив хизмати орқали тақдим этиб борилади. www.fan-portal.uz веб-портали орқали электрон рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ техник масалалар бўйича Инновацион ривожланиш вазирлигининг қўллаб-қувватлаш хизмати: (71) 203-32-23 (620, 621), (90) 993-99-32.