ОЛИЙ ТАЪЛИМ: МАСОФАВИЙ ЎҚИТИШ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ

Хабарингиз бор, республика олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини узлуксизлигини таъминлаш ҳамда талабаларнинг билим олиш фаолиятини масофадан туриб методик қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йил 1 апрелдан масофавий таълим платформалари ишга туширилган эди. Бундай платформалар аввалом бор, имконияти бор талабаларга мутлақо янги форматдаги, яъни виртуал муҳитда талабалар ва ўқитувчи аудиториясинишакллантириш орқали ўқув жараёнини ташкил этиш имкониятини берди.

Бунинг учун биринчи навбатда таълим йўналишлари ва мутахассисликлар ўқув режалари асосида жорий семестрдаги фанларнинг дастурлари бўйича ўқув ресурсларини яратишга эътибор қаратилди, олий таълимда ўқитилаётган 6102 та фандан масофавий таълим ресурслари яратилди ва ҳар бир олий таълим муассасасининг масофавий ўқитиш платформаларига жойлаштирилди.

Иккинчидан, барча олий таълим муассасаларининг масофавий ўқитиш платформалари вазирликнинг https://dist.edu.uz/ягона порталига бирлаштирилди. Бу эса олий таълим муассасаларида масофавий таълим сифатини таъминлаш жараёнлари мониторингини олиб бориш, ўқув ресурслардан ҳамкорликда фойдаланиш имкониятини берди.

таълим йўналишлари ўқув режасидаги барча учун умумий бўлган фанлардан видеомаърузалар жойлаштириб борилди, бунинг учун телеграмм ижтимоий тармоғида @eduuz_online канали очилди ва унга ўқитувчилар томонидан яратилган видеомаърузалар жойлаштирилди.
барча талабалар учун очиқ таълим ресурсларини яратиш мақсадида TAS-IX тамоғида https://tube.edu.uz видеопортали ишга туширилди. Ҳозирги кунга қадар ушбу видеопорталга 200 дан ортиқ видеодарс жойлаштирилди.

Шунингдек, талабаларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида вазирлик портали таркибида аудиокитоблар электрон кутубхонаси https://audiobook.edu.uzташкил этилди, унга замонавий ва классик адабиётлар жойлаштирилиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда 3 та, шунингдек, Фарғона, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятлари телеканаллари орқали фанлар бўйича теледарслар ўтказиш тизимли йўлга қўйилди. Жумладан,“Менинг юртим” (MY5) телеканалидаПсихология ва Инглиз тили фанларидан, «UzReport» телеканалидаакадемик лицей ўқувчилари учун математика, инглиз тили, физика, информатика, рус тили, география, оила психологияси, математика инглиз тилида SAT фанларидан, педагогика таълим соҳасининг барча бакалавриат таълим йўналишлари фанларидан ZO’R TV телеканали ҳамкорлигида теледарслар йўлгақўйилди.

Юқорида қайд этилган ишлар талабаларимизга масофадан туриб таълим олишларини ташкиллаштириш мақсадида жуда қисқа вақтда амалга оширилди. Бунинг учун олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар томонидан тегишли ўқув ресурслари яратилди, улар ўзларининг фанлари бўйича аввалдан тайёрлаб юрган барча ўқув материалларини платформага жойлаштирдилар. Виртуал муҳитда ишлашни яхшилашлари учун “Масофавий таълимни ташкил этиш технологиялари” курслари йўлга қўйилди.

Олий таълим муассасалари 85 та замонавий сервер қурилмалари билан таъминланди, Интернет тезлигини ошириш бўйича амалий чоралар кўрилди. Профессор-ўқитувчилар томонидан ҳам масофавий машғулотларни олиб боришларига маълум миқдорда молиявий сарф-харажатлар бўлди. Ҳаммамиз биламиз, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва хизматлари маълум маблағларни талаб этади.

Бир сўз билан айтганда, қисқа муддатда ҳам техник жиҳатдан, ҳам дастурий таъминот ва ресурсларни шакллантириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Албатта буларнинг замирида каттагина молиявий харажатлар туради, дунё тажрибасида ҳам янги форматдаги ўқув жараёнини ташкил этиш дастлабки босқичда каттагина ресурсларни сарфлашни тақозо этади. Зеро, мақсадимиз талабаларнинг ўқув жараёнини методик қўллаб-қувватлаш орқали уларни назарий билим олишларини таъминлаш эди. Амалий машғулотлар ҳам фанларнинг хусусиятларидан келиб чиқиб масофадан туриб олиб борилди. Масофавий бажариш имкони йўқ лаборатория ишлари пандемия тугагандан кейин ўтказилиши режалаштирилди. Шунингдек, турли сабабларга кўра масофавий таълим олмаган талабаларга пандемия тугагандан кейин ўқишларини анъанавий шаклда давом эттиришга ва фанларни ўзлаштиришларига имкон берилмоқда, яъни бу талабаларга ҳам кейинги курсда ўрнатилган муддатларда ўқишни давом эттиришга имконият яратилади.

Масофавий таълим олиш талабалар учун карантин чекловлари оқибатида умумий ўқитиш даври узайиб кетишини олдини олиш имконини беради. Ўқишни фақат off-line шаклда давом эттиришни хохловчилар учун, карантин талаблари имкон берган даврдан тегишли семестрдан давом эттириш имкони доим сақланиб қолади.

Шу билан бирга, битирувчи курс талабаларининг ўқув жараёни поёнига етиш арафасида бўлгани учун уларга ўз вақтида битиришлари учун тегишли шароитлар яратиб берилди, он-лайн ҳимоялар ўтказилди. Битирувчиларга дипломларини он-лайн олиш имконияти ишлаб чиқилди, мамлакатимизда биринчи бор QR кодли дипломлар берила бошланди.

Бундан ташқари, апрель ойидан бошлаб олий таълим муассасаларида режалаштирилган барча илмий конференциялар, семинарлар он-лайн форматда ўтказилиши йўлга қўйилди. Айниқса, талабалар ўртасида ҳар йили ўтказиладиган фан олимпиадалари бу йил он-лайн форматда амалга оширилиши талабаларимизга маъқул келди.

Шуниси қувонарлики, 2019-2020 ўқув йилининг иккинчи семестрида ушбу тизимлардаги 113 та олий таълим муассасасининг таълим ресурсларидан фойдаланиш учун 417816нафар талаба ва 29 030нафар профессор-ўқитувчи рўйхатдан ўтиб, тегишли фаолиятларини масофавий таълим платформасида олиб бордилар. Бошқача қилиб айтганда, техник жиҳатдан имконияти бор ва хохловчи талабаларга масофадан ўқиш имкониятлари берилди. Албатта, бу бизнинг таълим тизимимизда ўзига хос янгилик бўлди, шу нуқтаи назардан таълим сифатини таъминлашда камчиликлар ҳам бўлган, чунки ҳар қандай янгиликни киритиш доим қийинчиликларга учраб келган.

Эътибор берсангиз, ривожланган давлатларда ҳам дастлаб масофавий таълим асосан лаборатория ишлари, амалий машғулотлар кам таълим йўналишларида амалга оширилди.

Масофавий таълим сифатини таъминлаш учун, ҳам олий таълим муассасалари, ҳам профессор-ўқитувчилар, ҳам талабалар, ҳам алоқа каналлари бирдек тайёр бўлишлари лозим. Лекин, аввалдан таълим соҳасига масофавий ўқитиш элементларини киритиб боришга йўналтирилган мақсадли фаолият пандемия туфайли ушбу ишларни тезлаштиришни тақозо этди. Муҳими йўналиш тўғри белгилангани, таълим муассасаларида хато қилишдан қўрқмаслик маълум даражада янги форматдаги ўқув жараёнини бошлашни таъминлади.

Бугунги кунда олий таълим муассасаларида янги ўқув йилидан кредит-модуль тизимини жорий этишга тегишли тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Хўш бу тизим нима беради? Авваломбор янги тизим талабаларни кўпроқ мустақил таълим олишларини талаб этади. Мустақил таълим фақатгина дарслик ёки ўқув қўлланмадан фойдаланиб тайёрланишни эмас, балки кўплаб ахборот манбаларидан фойдаланишни тақозо этади.

Бугунги кунда таълим парадигмаси ўзгармоқда, етакчи хорижий университетлар ҳам, вариатив (гибрид шакл) таълим траекторияларини, масофавий курсларни,ўқитиш технологияларини тобора кенг жорий этишмоқда. Пандемия шароитларида бизнинг олий таълим муассасалари ҳам маълум маънода дастлабки тажрибани тўплашди.

Эндиликда муҳими талабаларимизда ҳам масофадан таълим олиш маданиятини юксалтиришимиз устида ишлашимиз лозим.  Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалар, каналлар ва гуруҳлар орқали масофавий таълим олишга тааллуқли савол-жавоблар, мулоҳазалар ва изоҳлар каби ёзишмалар сони ортиб бормоқда. Бу фикр мулоҳазаларнинг айримларига қўшилиш ҳам мумкин, қўшилмаслик ҳам мумкин. Муҳими талабаларимиз улар учун яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишлари, ўзлари билим олиш учун тинмай билим излашлари, қолаверса етук мутахассис бўлишлари учун фақатгина фанларни ўзлаштиришлари етарли эмаслиги, доимий ўз устида ишлашлари лозимлигини яхши уқишлари шарт. Бунинг учун барча олий таълим муассасаларида етарли шароитлар яратиб бериш учун зарур ҳаракатлар қилинмоқда.

Манба: https://www.edu.uz